ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ
ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКАДА НАЗОРАТ ИНСПЕКЦИЯСИ “ЎЗЭНЕРГОИНСПЕКЦИЯ”
  • 998 (71) 233-02-86
  • 998 (71) 236-33-50
  • evuzenergoinspeksiya@umail.uz

Энергетика тизими: иқтисодиётнинг юксалиши учун мустаҳкам пойдеворлардан бири

24.07.2020
Энергетика тизими: иқтисодиётнинг юксалиши учун мустаҳкам пойдеворлардан бири Бугунги ҳаётимизни узлуксиз электр энергиясисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тараққиёт шиддати туфайли ушбу ресурсга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш муҳим масала ҳисобланади.

 Шу боисдан мамлакатимизда ушбу тармоқни модернизация қилиш, энергия қувватларини кўпайтириш ва истеъмолчиларни электр энергияси билан мустаҳкам ва узлуксиз таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил
1 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, Энергетика вазирлиги ташкил этилди.

 Ҳозирги кунда энергетика тизимида амалга оширилаётган салмоқли ишлар истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбаси билан таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, энг муҳими, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.

 Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-4779-сонли қарори аҳолига электр энергияси ва нефть-газ маҳсулотларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

 Бундан ташқари, ушбу қарор билан 2020 йил 1 августдан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф белгиланади.
Қолаверса, 2020 йил 15 июлдан 31 декабргача қўшимча учинчи сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун тунги даврда фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган тарифга нисбатан
1,5 баравар миқдорда камайтириш коэффициенти қўлланиладиган бўлди.

 Шу билан бирга табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30 фоизгача камайтириш имконияти давлат корхоналари ва устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмаслиги белгиланди.

 Яна бир муҳим янгилик – “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан бюджетдан ташқари “Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси” ташкил этилмоқда. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг тузилмасига киради ва давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади. Жамғарма маблағлари бинолар ва кўп квартирали уйларда энергия самарадор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этган ҳолда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш, шу жумладан, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлашни молиялаштириш, шунингдек, энергия аудитини ўтказишга йўналтирилади.

 Булар ҳали ҳаммаси эмас. Қарор билан қуйидагилар ҳам тасдиқланди;
– 3,3 млрд кВт соат электр энергияси, 2,6 млрд метр куб табиий газ ва
16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи
2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари;
– Иқтисодиёт тармоқларининг йирик энергия сарфловчи корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича «Йўл харитаси»;
– Ёқилғи-энергетика ресурслари жами йиллик истеъмоли икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғиси бўлган корхоналарни мажбурий энергетик текширувдан (энергия аудитидан) ўтказишнинг 2020-2022 йиллар даврига мўлжалланган жадвали.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида Энергетика вазирлигининг Ягона ахборот тизимини яратиш, уни 2021 йил якунигача ишга тушириш ҳам назарда тутилган. Энг муҳими, ягона ахборот тизимидан олинган таҳлилий маълумотлар асосида юқори энергия истеъмолига эга корхоналарни мажбурий энергия аудитидан ўтказиш механизми жорий этилади.

 Хулоса қилиб айтганда, электр энергетикаси тармоғини янада ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишнинг барқарорлигини ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш янги Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қарор эса ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини мамлакат иқтисодиётига кенг жорий этишга хизмат қилади.


Ойбек ИСАКОВ,
“Ўзэнергоинспекция”
Наманган ҳудудий бўлими
етакчи мутаҳассиси

Ortga qaytish

Виртуал
Қабулхона
Мурожаатлар статистикаси
Oхирги ўзгартириш: 05.05.2020
Барча мурожаатлар
Жавоб берилган
Кўриб чиқилмоқда